Yak. Apr 28th, 2024

Давлат рамзлари мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир. Мустақилликнинг илк кунларидан халқимизнинг озодлик, ҳурлик сингари энг буюк орзу-интилишлари, маънавий қадриятларини ифодаловчи, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртга садоқат, бунёдкорлик ва яратувчанликка ундовчи Бош қўшиқни қабул қилишга асосий эътибор қаратилди.

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди. Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.

Ҳар тонг давлатимиз мадҳияси садолари остида янги кунни кутиб олар эканмиз, кўз олдимизда юртимиз манзаралари намоён бўлади. Унинг ҳар бир чуқур маънога эга сатри, мардонавор оҳанги кишини сеҳрлаб қўяди, қалбимизда Ватанимиздан фахрланиш, бугунимиздан шукроналик ва эртамизга улкан ишонч ҳисси жўш уради.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.

Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Халқимиз омон экан мустақил мамлакатимиз юксак тараққиёт, буюк келажак барпо этиш сари одимлашда давом этади, улуғ халқнинг мангу қўшиғи – мадҳиямиз халқимиз, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, олам узра баралла янграйверади. Бу қўшиқ она Ватанимиздан ғурурланишга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, бугунимизнинг қадрига етишга, янги марраларни забт этишга ундайверади.