Yak. Apr 14th, 2024

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, вилоят секторлари раҳбарлари, Қўқон шаҳри расмийлари ва жамоатчилиги вакиллари иштирок этдилар.

Аэропортни фойдаланишга топшириш тадбири, бортида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигида вазирлик мутасаддилари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Uzbekistan Airports” расмийлари, журналистлар билан Тошкент-Қўқон йўналиши бўйича ATR 72-600 самолётида амалга оширилган техник рейсни карнай-сурнай садолари остида кутиб олиш билан бошланди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборлари натижасида Республикамизда ҳудудлар ўртасида авиа, темир йўл ва автотранспорт қатновлари тизими жадал ривожланиб бораётгани, бу ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада оширишда муҳим омил бўлаётгани, мамлакатимиз аэропортларини 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси доирасида фуқаролар ҳаракатчанлиги, халқаро алоқалар кўламига мос замонавий аэропортлар кўпайиб бораётганини қайд этдилар.

Жорий йил 1 апрелдан бошлаб ички мунтазам парвозларни бошлаш кўзда тутилган Қўқон аэропортини йил якунига қадар халқаро аэропорт талабларига мослаш учун барча зарурий чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Рамзий лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари аэропортнинг йўловчи терминали билан танишдилар.

Қўқон аэропортининг реконструкция ишлари учун жами 156 млрд. сўм маблағ сарфланди, бундан 40 млрд. сўм 100 кишига мўлжалланган, умумий фойдаланиш майдони 900 кв.м. бўлган янги йўловчи терминалининг қурилиши учун, 107 млрд. сўм учиш-қўниш йўлагини 2000 метргача узайтириш учун йўналтирилди.