Shan. Apr 27th, 2024

Байрам муносабати билан ташкил этилган кўргазмаларда маҳаллаларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, миллий ҳунармандчилик намуналари, баҳорги таомлар ва пишириқлар намойиш этилди. Таълим муассасалари касб-ҳунар йўналишлари бўйича тақдимотлар ўтказиб, талабалар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этдилар.

Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, секторлар раҳбарлари, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлигида кўргазмалар билан танишиб, маҳалла мутасаддилари ва ёшлар билан мулоқот қилди. Ёшлар боғидаги амфитеатрда намойиш этилган байрам концертида шаҳримиз бадиий жамоалари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар, аския айтишувлари, рақс ва томошалар томошабинларга байрамона кайфият баҳшида этди.

Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳамшаҳарларимизни Наврўз айёми билан муборакбод этиб, мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан олиб борилаётган халқпарвар сиёсат, миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Ёшлар боғига фарзандлари билан ташриф буюрган ҳамшаҳарларимиз учун турли кўнгилочар аттракционлар, томошалар, кўргазма-савдо расталари оқшомга қадар хизмат қилиб, кўтаринки кайфият баҳш этди.