14 январда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни нишонланади. Ушбу муҳим сана муносабати билан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Миллий гвардия Қўқон ҳарбий қисмида очиқ эшиклар куни ўтказилди. Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, Ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши фаоллари, ҳарбий гуруҳлар тарбияланувчилари ҳарбий қисмдаги шарт-шароитлар билан танишдилар.
Маруфжон Усмонов Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли ички таҳдидлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, шунингдек Миллий гвардиянинг ваколатига киритилган давлат аҳамиятидаги махсус вазифаларни бажариш бўйича турли вазифаларни адо этаётганини таъкидлаб ўтди. «Бугун Қуролли Кучларимиз миллий давлатчилигимиз ва мустақиллигимизнинг муҳим таркибий қисмига айланди. Унда хизмат қилиш амалда шарафли ва нуфузли ишга айланмоқда. Замонавий армия ёшларга нафақат ҳарбий профессионал билим ва маҳорат беради, балки уларни фан ва амалиётнинг илғор ютуқлари, энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таништиради, замонавий ҳаёт тарзига ўргатади ҳамда ҳаёт йўлини танлаш учун кенг имкониятлар очади», деди Маруфжон Усмонов.
Тадбирда энг сўнгги ҳарбий техникалар ҳарбий кийимлар намойиш этилди, миллий гвардиячиларнинг ҳарбий салоҳиятлари акс этган кўргазмали чиқишлар томоша қилинди. Ёшларнинг фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш борасидаги тушунчалари бойитилди. Шунингдек, китоблар ярмаркаси ҳам ўтказилди.