Chor. Okt 4th, 2023

Қўқон мусиқали драма театрида 2019 йилда содир этилган жиноятлар таҳлили ва 2020 йилда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Қўқон шаҳар прокурори Жаҳонгир Фозилов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўқон шаҳар Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳасанжон Собиров, шаҳар ҳокими ўринбосари Шерзод Деҳқонов, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Лолахон Назирова, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, шаҳримиз таълим муассасалари, маҳаллалар, соғлиқни сақлаш муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.

Шаҳар прокурори Жаҳонгир Фозилов 2019 йилда Қўқонда содир бўлган жиноятларни таҳлил қилар экан, бу борада олиб борилган ишлар қониқарли эмаслиги, шаҳримизда жиноятчиликка қарши кураш тамойилларини қайтадан кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Шерзод Деҳқонов вояга етмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, таълим муассасалари, маҳаллалар мутасаддилари ва ота-оналарнинг масъулиятини янада ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда шунингдек, патронаж хизмати ходимларининг фаоллигини ошириш, руҳий хасталикларга чалинган фуқаролар билан профилактик тадбирлар олиб бориш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Лолахон Назированинг ҳам ахбороти тингланди. Профилактика тадбирларини ҳудудлар кесимида эмас балки аниқланган манзилли дастур асосида, нотинч оилалар, ноқонуний никоҳдаги аёллар билан иш олиб бориш стратегияси йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди.