Jum. Dek 2nd, 2022

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш давлатимизнинг энг устувор вазифасидир.

Мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида юртбошимиз томонидан қабул қилинган 2021 йил 5 мартдаги ПҚ-5020-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, билим олишлари учун имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 17 сентябрь куни 585-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилиб, бунда, ўқиш учун тўлов пуллари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили 100 нафардан хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан; молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг кенгашлари қарорига асосан 50 нафаргача хотин-қизлар учун давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди.

Мазкур қарор билан Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Мазкур Низом қоидалари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар ўқув йилида тасдиқланган қабул параметрлари доирасида базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасаси бакалавриатига (кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклидан қатъи назар) талабаликка тавсия этилган ҳамда 2 — 4-курсларда таҳсил олаётган талабгорларга нисбатан қўлланилади.

Энди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2 — 4-курсларда таҳсил олаётган 75 нафар (ҳар бир курсдан — 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб бериши белгилаб берилди.

Бундан ташқари мазкур низомга кўра молиявий барқарор (бюджетдан ташқари тўлов-контракт маблағлари бўйича бирламчи харажатлар қоплагандан сўнг қолдиқ маблағларга эга) давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг кенгашлари қарорига мувофиқ 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бепул ўқитиб берилиши, кейинги иккинчи ва ундан кейинги ўқув йиллари учун эса ўз ҳудудларидаги тижорат банклари томонидан таълим кредитлари расмийлаштирилиши белгиланди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан базавий тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш мақсадида талабгорларни танлаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

Яъни тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар; боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёллар.

Бу қарорнинг энг асосий фарқли ҳамда эътиборли жиҳати тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар ёки боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёлларни ҳам ўқишлари ва олий маълумотли бўлишлари учун давлат эътиборида эканликларини ҳис қилишлари, жамиятга ўзларининг келгусида эгаллаган касби бўйича ўз ҳиссларини қўшишига кўмак беришдан иборат. Қолаверса ўқишларини тамомлаганидан сўнг маҳаллий ҳокимликларга мазкур ўқишни тамомлаган хотин-қизларни иш жой билан таъминлаш вазифаси топширилди.

Талабгорларни танлаб олиш ва уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мазкур Низом асосида амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур қарор билан юртимизда ўқиш учун имконияти мавжуд бўлмаган ёки шароити йўл қўймайдиган аёл ва қизларимизни келгусида ўзининг ёқтирган касби бўйича таълим олишлари ҳамда жамиятда ўзларининг жамиятимизнинг муҳим бўғини эканликларини ҳис қилишларини ҳамда ўз ҳиссаларини қўшишларига имкон яратади.

Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Б.Ш.Мамадалиев                                         Судья катта ёрдамчиси Н.Юнусалиев