Welcome to Қўқон шаҳар ҳокимлигининг расмий веб сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Қўқон шаҳар ҳокимлигининг расмий веб сайти
Shan. Dek 7th, 2024
Qo'qon shahar Kengashi sessiyasiQo'qon shahar hokimligi matbuot xizmati

Қўқон шаҳар ҳокимлигининг фаоллар залида Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг олтинчи чақириқ XVIII сессияси ўтказилди.

 

Сессияда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳримиздаги идоралар, корхона, ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. 

 

Сессияда Қўқон шаҳар ҳокимининг Қўқон шаҳрини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича якуний ҳисоботи ҳамда келгуси йилги режалари бўйича мурожаати шаҳар Кенгаши депутатлари ва фаолларга ўқиб эшиттирилди.

 

 

Сессия иштирокчилари олдида нутқ сўзлаган Маруфжон Усмонов сўнгги йилларда мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳолининг барча қатламларининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани, юртимиз том маънодаги эврилиш, янгиланиш, ренессанс даврини бошдан кечираётганини таъкидлаб ўтди.

 

 

Маруфжон Усмонов пандемия даврида халқимиз бошидан оғир кунларни бошдан кечирган бўлса-да, Президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар синовли кунларни енгиб ўтишга имкон берганини таъкидлаб ўтди.

 

«Пандемиянинг иқтисодиётимиз тармоқларига кўрсатган салбий таъсирини камайтириш борасида амалга оширилган ишлар кўплаб соҳаларда ишлаб чиқариш суръатларини сақлаб қолишга имкон берди, айрим кўрсаткичлар бўйича эса, 9 ойлик натижаларга кўра, ўсиш кузатилганининг гувоҳи бўлдик», деди шаҳар ҳокими.

 

Маруфжон Усмонов пандемия даврида Муҳатарам Юртбошимиз ташаббуси билан вужудга келган «Саховат ва кўмак» халқ ҳаракати доирасида вақтинча ишсиз қолган, ижтимоий муҳофазага мухтож минглаб ҳамшаҳарларимизга кўрсатилган ёрдам, оғир ижтимоий ҳолатдан чиқиб кетишга имкон берганини таъкидлаб ўтди.

 

2020 йилда эришилган иқтисодий ютуқларга тўхталар экан, Қўқон шаҳри бўйича 2020 йил учун давлат даромадлари умумий режаси 278 млрд. cўм этиб белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар бюджетга 274 млрд. сўм маблағ жалб қилингани, йил якуни билан жами бюджет тушуми 299 млрд. сўмга етказилиб, йиллик режа 107,4 фоизга бажарилиши кутилаётганини айтиб ўтди.

 

 

«Бюджетга ҳисобланган солиқ ва тўловларни йиғилувчанлик даражаси 103,2 % ни ташкил қилиб, Хукумат томонидан белгиланган режа тўлиқ бажарилмоқда», деди шаҳар ҳокими.

 

Маруфжон Усмонов Қўқон шаҳрига жалб этилган хорижий инвестициялар ва экспорт ҳажми хусусида гапирар экан, 2020 йилнинг ўтган даврида 440 млрд. сўм ва 37,7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилгани, 89 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 2000 та янги иш ўрни яратилгани, жами 90 млн. АҚШ долларидан зиёд қийматдаги маҳсулотлар экспорт қилинганини таъкидлаб ўтди. 

 

 

Маруфжон Усмонов Қўқон шаҳри худудида кичик саноат зоналарини ташкил этиш борасида режалаштирилган ишлар хусусида ҳам маълумот берди.

 

2021 йил давомида Қўқон шаҳрида 4 та худудда кичик саноат зоналари фаолияти йўлга қўйилади. Ташкил этиладиган кичик саноат зоналарида қиймати 420,5 млрд сўмдан ортиқ 30 тага яқин инвестицион лойиҳалар амалга оширилади ҳамда 1500 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилади. 

 

 

2021 йилда умумий қиймати 1 трлн 867,5 млрд сўм қийматидаги 91 та лойиҳалар амалга оширилади ҳамда 4218 та янги иш ўринлари ташкил этилади. Амалга ошириладиган лойиҳаларга 80,9 млн АҚШ доллари қийматида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилади. 

 

Импорт хажмини қисқартириш, тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига жами ҳудудий тасарруфдаги 4 та саноат корхоналарида 5 та лойиҳа амалга оширилади ҳамда 27,4 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилади.

 

 

Маруфжон Усмонов Қўқон шаҳрида жорий йилда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтди.

 

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 891 нафар фуқаро ва тадбиркорларга 22,5 млрд. сўм, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш” дастури доирасида 162 нафар ҳунармандга 4,9 млрд. сўм, “Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида 34 нафар хотин-қизларга 672,0 млн. сўм, “Ёшлар келажагимиз” дастури доирасида 4 нафар ёш тадбиркорга 1.3 млрд. сўм ажратилганини маълум қилди.

 

 

Аҳолини электр, газ, сув таъминотини яхшилаш борасида қилинган ишларга алоҳида тўхталиб,  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 11 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва янги қурилиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661-сонли қарорига асосан 9 дона янги трансформаторлар ўрнатилганини, 610 метр линиялар янги тортилганини 9,07 км ҳаво линиялари реконструкция қилинганини таъкидлаб ўтди.

 

«Бугунги кунда Қўқон шахридаги 10.920 метр ичимлик ва 2290 метр оқава сув тармоғи тортилиб, 2 051 млн сўм маблағлар сарфланди.

 


2021 йилда аҳолини ичимлик сув ҳамда оқава сув тармоғларини яхшилаш, ичимлик сувини бақарорлаштириш мақсадида 15 км ичимлик суви ва 20 км оқава сув тармоғи тортилади.

 


«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги «2020-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шахарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ВМ-1001-сонли қарори бўйича 2020 йил якунига қадар 12,2 км тармоқлар реконструкция қилинади, 20,3 км тармоқларда янги қурилиш ишлари амалга оширилади ҳамда 7 та янги трансформаторлар ўрнатилади», деди шаҳар ҳокими.

 

Қўқон шаҳар ҳокими 2020 йилда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қилинган ишлар хусусида сўзлар экан, жумладан шундай деди: «Ўтказилган хатловлар натижасида аниқланган 6742 та эҳтиёжманд оилалардаги 29 556 нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилди.

 

 

Оилалардаги меҳнатга лаёқатли 5 422 нафар ишсиз фуқароларни йил якунига қадар ишга жойлаштириш орқали “Темир дафтар”дан чиқариш режалаштирилган.

 


Бугунги кунга қадар 5522 та оиланинг аъзолари иш билан таъминланганлиги ҳамда даромад манбаи яратилганлиги сабабли, шаҳар Кенгашининг қарори ва фуқароларнинг шахсий мурожаатларига асосан “Темир дафтар”дан чиқарилди.

 

Ҳозирги кунда “Темир дафтар”да 1220 та оиланинг 5556 нафар фуқароси қолмоқда. Темир дафтарда қолаётган оилалардаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда», деди шаҳар ҳокими.

 

 


Маруфжон Усмонов давлат корхоналарини хусусийлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим тизимларини такомиллаштириш, жиноятчилик ва ҳуқубузарликларнинг олдини олиш, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида қилинган ишлар ва келгуси йилга белгиланган режалар хусусида ҳам батафсил маълумот берди.

 

 

 

 

2021 йилда ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш, инновацион ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шаҳримиз қиёфасини янада гўзал ва кўркам кўринишга келтириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида режалаштирилган ишлар хусусида ахборот берди.

 

«2021 йилда Қўқон шаҳрида жамоат транспорти хизматлари сифатини кўтариш режалаштирилган, 20 та автобус бекатлари янгиланади. Аҳолини арзон уй-жойга бўлган эхтиёжини қондириш мақсадида 20 та арзон кўпқаватли уйлар қурилади. Шу билан бир қаторда, давлат хусусий шерикчилигида 5 та мактаб, 10 та боғча, 5 та клиника, 5 та стадион, спорт зал ва фитнес клублар ҳамда 5 та янги кутубхона қурилади. Кўпқаватли уйларда яшовчиларга шароит яратиш мақсадида 27 та болалар ўйингоғи, 40 та қариялар ва аёллар ўтириш жойлари барпо этилади.

 

 

Аҳолини жисмоний тарбяи ва спорт билан шуғулланишига кенг имкониятлоар яратиш мақсадида 10 километрдан зиёд пиёда ва велойўлаклар барпо этилади. Шаҳримизни соя-салқинлиги, ҳавонинг мусаффолигини сақлаш мақсадида 10 000 дан зиёд манзарали дарахтлар экилади, 15 та ҳудудда яшил зоналар барпо этилади.

 


Қўқон шаҳрида 2021 йил олий таълим, илм-фанни ривожлантириш йили бўлади. Бирорта ҳам битирувчи иш ахтариб юрмайди, барча ишлаш ниятида бўлган аёлларнинг бандлиги таъминланади. Меҳнат мигрантлари четга чиқишларига эхтиёж бўлмайди, барчаси шаҳримизда иш билан таъминланади», деди шаҳар ҳокими.

 

 

Сессияда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов ҳам иштирок этиб, сессияда кўрилган масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

 

Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳисоботи ва мурожаатномасида кўтарилган масалалар юзасидан депутатлар ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

 

 

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан бир қатор депутатлар ўз таклифларини билдирдилар.

 

Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

Click to listen highlighted text!