Сессия ишида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари раҳбарлари, шаҳар кенгаши депутатлари, сессия кун тартибидаги масалаларга алоқадор корхона-ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессияда Қўқон шаҳрининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўрилди. Масала юзасидан Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмоновнинг ҳисоботи тингланди.
Маруфжон Усмонов 2020 йилда маҳаллий бюджет даромадлар прогнози 95 783.5 млн. сўм бўлиб, ҳақиқатда 98 669.0 млн. сўмга (103%) бажарилиши кутилаётганини таъкидлаб ўтди.
“Қўқон шаҳар маҳаллий бюджетида 2020 йилги ижроси давомида жами 3861,4 млн. сўм қўшимча манбалар шаклланган. Ушбу қўшимча манбалар ҳисобидан Халқ депутатлари шаҳар кенгаши розилиги ҳамда шаҳар ҳокимининг Фармойишлари асосида маблағлар:
коронавирус пандемияси кириб келиши ва унинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун 744.3 млн. сўм;
шаҳардаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қуватлаш билан боғлиқ харажатлар учун 279.0 млн. сўм;
ижтимоий соҳа муассасаларини таъмирлаш ва бошқа харажатлари учун 890.0 млн. сўм;
Қўқон шаҳрида 2019 йилда ва 2020 йилда ўтказилган тадбирлардан ҳосил бўлган қарздорликларни бартараф этиш харажатлари учун 1215.2 млн. сўм;
бошқа кўзда тутилмаган тадбирлар учун 732.5 млн. сўм сарфланган”, деди шаҳар ҳокими.
Маруфжон Усмонов 2021 йилги маҳаллий бюджет харажатларига тўхталиб, мактабгача таълим соҳасига 15 855,2 млн. сўм, халқ таълими соҳасига 17 788,2 млн. сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 119 330,9 млн. сўм, маданият ва спорт харажатларига 5 598,9 млн. сўм, давлат бошқаруви органлари харажатларига 4963,2 млн. сўм, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини сақлаш харажатларига 6 357,2 млн. сўм, ижтимоий кўникма маркази харажатлари учун 360,2 млн. сўм, ветеринария соҳаси харажатлари учун 512,6 млн. сўм, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий нафақа харажатлари учун 39 658.8 млн. сўм маблағ режалаштирилгани ҳақида маълумот берди.
Сессияда Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши котибиятини ташкил этиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
“Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизни либераллаштириш ва демократия тамойилларини янада чуқур сингдиришга қаратилган ушбу янги тартиб депутатлар фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқаролар муаммоларини ҳал этишда янада фаол бўлишга хизмат қилади”, деди шаҳар ҳокими.
Сессияда 2020 йилда таълим ва маориф соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2021 йилга режалар хусусида шаҳар Халқ таълими бўлими мудираси Дилфузахон Алимованинг, 2020 йилда Хотин-қизлар Кенгашининг 2020 йилдаги фаолияти ва 20212 йилга режалар бўйича Қўқон шаҳар ҳокимининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Лолахон Назироваларнинг ҳисоботлари тингланди.
Сессияда кўтарилган масалар юзасидан бир қатор депутатлар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.