Dush. Iyul 22nd, 2024

Қўқон университетида “CLUB-2019” илмий ва ўқув тўгараклар ярмаркаси бўлиб ўтди. Кўргазмада тюторлар талабаларга йигирмага яқин клубларни таклиф этдилар. Университетда Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуслари кенг жорий этилиб, талабаларнинг дарсдан сўнг бўш вақтлари унумли ва мазмунли ўтиши учун барча зарур шарт-шароитлар, имкониятлар яратилмоқда.

Талабалар инглиз тилини ўқиш, ёзиш, қўшиқ куйлаш ва кино кўриш орқали ўрганиш мақсадида турли тўгаракларга аъзо бўлишди. (Нафақат талабалар, балки университетнинг тил ўрганиш истагидаги ўқитувчи ва хизматчилари ҳам бу тўгаракларга аъзо бўлиб, бепул ўрганиш имкониятига эга бўлдилар) Рус тили, бадиий ўқиш ва ижод, рақс, футбол, моҳир қўллар каби тўгараклар машғулотларига ҳам юзлаб ёшлар рўйхатга ёзилишди. Иқтисод клуби, Ал-Хоразмий тўгарагидаги қизиқарли математика, компьютер сабоқлари ва илмий тадқиқотлар клублари ҳам кўплаб талабаларни ўзига жалб этди.

Талаба Исмоилхон Акбаров тенгдошлари билан ўз билимини бўлишиш мақсадида тўгарак ташкил этиш ташаббуси билан чиқди ва унинг саъй-ҳаракатлари қизғин қўллаб-қувватланди.

Университет раҳбарияти томонидан барча тюторлар (тўгараклар раҳбарлари) ва фаоллар Ташаккурномалар билан тақдирландилар. Талабаларни энг кўп ўзига жалб этган биринчи 3 таликдан ўрин олган тўгарак раҳбарларига эса алоҳида эсдалик совғалари топширилди.

“CLUB-2019” илмий ва ўқув тўгараклар ярмаркаси талабалар ҳаётида ўзига хос қизиқарли бурилиш ясади.