Dush. May 13th, 2024

“Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Қўқон шаҳар солиқ инспексияси бошлиғининг ҳисоботи
Тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли билан ўтказилган очиқ мулоқотларда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда фаол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни янада рағбатлантириш, солиқ мажбуриятини бажаришда аҳоли томонидан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик, шунингдек, қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида жорий йил 14 июнь куни Президентнинг ПҚ-192-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 июнь ҳолатига қуйидагилар ҳисобдан чиқарилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи (нотурар кўчмас мулк объектлари бундан мустасно) бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари;
охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ЯТТларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи, ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси.
Ушбу солиқ қарзи, пеня ва жарималарни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.

2024 йил 1 июнгача ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахсларга ер солиғининг 3 карра оширилган ставкасида солиқ ҳисоблаш тартиби тўхтатилади.
Фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июнь ҳолатига шаклланган сув солиғидан қарзини 12 ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилди.
2023 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлгача иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;
ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган (980 минг сўм) миқдорда белгилаш;
иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши.

Таъкидлаш жоиз, айни кунларда Қўқон шаҳар солиқ инспексияси ходимлари томонидан тадбиркорлар билан турли очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил этилиб, мазкур янгиликлар мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда, шу билан бирга, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун муҳим бўлган қатор йўналишларни белгилаб олган ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Хусусан, 2023 йил октябрь ойи давомида Қўқон шаҳар солиқ инспексияси томонидан 1139 та тадбиркорлик субъектларини қийнаётган муаммолар ўрганилди. Мазкур жараён давомида кўмаклашиш зарур бўлган тадбиркорлик субъектларидан 216 та ҳолатда дастлабки бухгалтериясини юритиш, 23 та ҳолатда қулай солиқ режимини танлаш, 53 та ҳолатда солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартибини тушунтириш, ортиқча ҚҚС тўловларини қайтариш, 847 та ҳолатда ҳисоб-вароқ фактуралар юбориш ва тахрирлаш, ОНКМ бўйича имтиёзлар олиш, ОНКМ бўйича МХИК бўйича имтиёз олиш, Қатъий белгиланган айланма солиқ тури, ҳисобланиши лозим бўлган қатъий солиқ суммаси ва солиқ тури бўйича қолланиладиган имтиёзлар, Рахбар ва ишчи ходимларга электрон меҳнат дафтарчаси очилиши ва Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ва ариза юбориш тартиби ҳамда қўллаш каби масалалар юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Биз, солиқ идоралари ходимлари бундан буён ҳам, албатта, Президентимиз белгилаб берганларидек, тадбиркорга маслаҳатчи, кўмакчи ва яқин ҳамкор сифатида фаолиятимизни давом эттирамиз.