Jum. Mar 29th, 2024

Конституцияда ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг энг умумий нормалари қайд этилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам инсон ҳуқуқлари ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишига оид умумий қоидалар белгилаб қўйилган. Хусусан, Конституциянинг VII–X боблари шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатларига доир энг муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни қамраб олган. Ушбу ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда уларнинг кафолатларини билиб олиш ҳар бир шахснинг кундалик ҳаётида жуда муҳим рол ўйнайди.

Шунингдек, Конституциянинг 24-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятлиги қайд этилган. Бундан кўринадики, яшаш ҳуқуқидан ҳеч ким маҳрум қила олмайди. Ушбу ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки маҳрум қилишга уриниш жиноят кодексининг тегишли нормалари билан жиноий жавобгарликни юзага келтиради. 25-моддага кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Юқоридаги қоидадан маълум бўладики, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам қонуний асоси бўлмаса, ҳеч бир шахсни ҳибсда ёки қамоқда сақлаб тура олмайди. Ҳибсда ёки қамоқда сақлаб туриш учун қонуний асослар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-протсессуал кодексининг 18, 242—248 ва 558-моддаларида қайд этилган.
26-моддада ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Ушбу норманинг ижросини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасида судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шартлиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилган.

  • Шунингдек, Конституция қуйидаги шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар:
  • Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга;
  • Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас;
  • Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир;
  • Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир;
  • Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин;
  • Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим;
    Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди – деб белгилаб қўйилган.

Қўқон шаҳар адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси О. Мелиқўзиев