Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси ижрочи директори, академик Оқил Салимов Қўқон шаҳридаги 6-ўрта таълим мактабида ёшлар билан ўтказилган учрашувда мамлакатимиз Президенти билан Ирригация институтида ишлаган даврларини ёдга олди.
«Шавкат Миромоновичнинг одамларни бирлаштириш, бир ғоя ортидан эргаштиришга бўлган қобилиятлари ўша даврда ҳам яққол намоён бўлган. Бугун биз ушбу қобилиятларини қўшни мамлакатлар билан ҳамдўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўз ифодасини топаётганини кўришимиз мумкин. Марказий Осиё давлатларининг ҳамдўстлиги, янги даврда, ҳеч қачон бугунгидак мустаҳкам бўлмаган. Нафақат қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё билан муносабатларимиз ишлаб чиқариш, савдо, илмий ҳамда маданий-маърифий соҳаларда янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўтган йили Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали бунга яққол мисол бўла олади. Фестиваль ҳунармандчилик, сайёҳлик, туризм инфраструктураси билан бир қаторда Қўқонда маданият ва санъат соҳаларининг ривожига катта ҳисса қўшди.
Шавкат Мирзиёевнинг Ирригация институтида талабалар ва ўқитувчиларнинг шароитларини яхшилашга бўлган интилишларини бугун биз Президент сифатида амалга ошираётган халқпарвар сиёсатида намоён бўлаётганини кўрмоқдамиз. Президентимиз томонидан бугун олға сурилаётган ғоялар назарий тушунчаларга эмас, балки шахсий ҳаётий тажрибага асосланган.
Айнан шунинг учун барча қобилият ва кўникмалар ёшлик даврида шаклланишини чуқур ҳис этаётган Шавкат Миромонович бугунги ёшларимизни салоҳиятларини намоён этиш, интилишларини қўллаб-қувватлашга юксак эътибор қаратмоқдалар. Мамлакатимизда ёшлар тарбиясига қаратилаётган эътибор – Ўзбекистоннинг эртанги куни, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган сиёсатдир», деди академик Оқил Салимов.
Учрашувда иштирок этган академик Саъдулла Искандаров ҳам Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар ташкилотида раҳбарлик лавозимларида ишлаган даврларини ёдга олди. Талабаларга барча соҳаларда муносиб шароитлар яратиш, манфаатларини ҳимоя қилишдаги ташаббуслари хусусида сўзлаб берди.
«Нуроний» жамғармаси Қўқон бўлими раҳбари Манзур Абдуллаев, Қўқон Ўрмон хўжалиги раҳбари Мансурхўжа Хўжаевлар академикларга ташриф учун миннатдорчилик изҳор этиб, уларнинг бугунги ислоҳотларга қўшаётган ҳиссасини таъкидлаб ўтдилар.
Учрашувда шунингдек, Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, социология фанлари доктори Мансур Бекмуродов ҳам иштирок этди. Тадбир сўнггида меҳмонлар 6-ўрта таълим кутубхонаси учун 400 га яқин бадиий адабиётлар туҳфа этдилар.