Pay. Fev 9th, 2023

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига келадиган меҳмонлар, албатта, номдор ҳунармандларимиз хонадонлари ва устахоналарига ҳам ташриф буюриши табиий, албатта. Шу нуқтаи назардан ҳунармандлардан хабар олиш, уларга зарур шарт-шароит яратиб бериш муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов республика “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари ҳамроҳлигида пичоқчи уста Ҳасанжон Умаровнинг хонадони ва уйидаги устахонаси билан танишди.

Ҳасанжон Умаров шаҳар ҳокимини устахонасини замонавий услубда таъмирлаш, шогирдлар учун ўқув хоналарини ташкил этиш лойиҳаси билан таништирди. Хонадонига кўплаб хорижий сайёҳлар ташриф буюришини, уларга зарур шароит яратиш устида бош қотираётгани айтди.

Маъруфжон Усмонов устанинг таклифлари билан танишиб чиқиб, унинг хонадони, устахонаси ва айвонини таъмирлаш юзасидан мутасадди ташкилотларга топшириқлар берди. Ҳасанжон Умаров шаҳар ҳокимига миннатдорчилик изҳор этиб, фестивалгача устахонаси янгича кўринишга эга бўлишидан ғоят мамнун эканлигини билдирди.

Шаҳар ҳокими Қодиржон Ҳайдаровнинг ҳам хонадонида бўлиб, унинг авлодлари – шогирдлари устахоналари билан танишди. Шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан ўзбек ҳунармандчилигида ўчмас из қолдирган ва ўзининг мактабини яратган устанинг хонадонида Қодиржон Ҳайдаров уй музейи қайта ташкил этиладиган бўлди.

Шаҳар ҳокими ҳунарманднинг хонадонини таъмирлаш ва музейни зарур экспонатлар билан таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларга топшириқлар берди.  Қодиржон Ҳайдаровнинг Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактабини кенг тарғиб қилиш мақсадида уй музейида соҳага доир бадиий адабиётлар, устанинг ҳаётига оид расм ва хотиралар жой оладиган бўлди.

Шу куни Маъруфжон Усмонов ўймакор уста Жамшид Мадаминовнинг ҳам хонадонида бўлиб, шароити билан танишди. Устанинг илтимосига биноан унга Ҳожибек мадрасасидан устахона учун жой ажратиб бериладиган бўлди.