Қўқон давлат педагогика институти талабалари энди давлат шерикчилиги асосида қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган «Ёшлик» кафесида тушлик ва китоб мутолаа қилиш имкониятига эга бўладилар.
Тантанали очилиш маросимида талабаларга мурожаат этган Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятларини намоён этишга Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қаратилаётган юксак эътибор хусусида сўзлади. «Билимларни мустаҳкам эгаллашингиз учун сизга барча шароитлар яратиб берилади», деди шаҳар ҳокими.
Маросимда иштирок этган Қўқон давлат педагогика институти ректори Мамиржон Атаджанов ҳам талабаларни янги муассаса ишга тушиши билан қутлади.
Рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар таъмирланиб, фойдаланишга топширилган 400 ўринли кафе билан яқиндан танишдилар.
Шаҳар ҳокими овқатланиш муассасида таклиф этилаётган таомлар билан танишиб, нарх-наволарни талабалар билан муҳокама қилди. Кафе раҳбариятига талабалар учун ҳамёнбоп нархларда савдо қилиш борасида топшириқлар берди.
«Ёшлик» кафесини таъмирлаш ишларига 3 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Таъмирлаш ишларини «Трансгаз қувур» МЧЖ бажарди. Овқатланиш муассасаси билан бир қаторда китоб мутолаа қилишдан чалғимаган ҳолда тушлик қилиш имконини берадиган Book Cafe — Китоблар кафеси ҳам ташкил этилди.
Очилиш маросимида кафе олдида талабалар учун бадиий дастур намойиш этилиб, қўшиқлар ижро қилинди.