Sesh. Fev 27th, 2024

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиалида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Қўқон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан ташкил этилган ярмаркада 100 дан зиёд хусусий ва 80 га яқин давлат корхоналари ҳамда 30 нафардан зиёд ҳунармандлар томонидан 1000 дан зиёд бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Юзлаб фуқаролар ва айниқса кўплаб ишсиз ёшлар ташриф буюрган акцияда 75 нафар фуқароларга ишга йўлланмалар берилиб, 12 нафари шу бугун ишга жойлаштирилди.

Ярмаркага Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ва секторлар раҳбарлари ҳам ташриф буюриб, 16 нафар ишсиз ёшларга субсидия асосида тикув машиналарини топширдилар.

20 нафар ишсиз фуқаролар “Қўқон Механика заводи” АЖ қошида ташкил этилган “Инновацион ўқув маркази”га компютер оператори йўналишида касб-ҳунарга ўқитиш учун йўналтирилди.

230 нафар фуқароларга меҳнат қонунчилиги доирасида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.