Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, секторлар раҳбарлари, Қўқон шаҳар Кенгаши депутатлари, корхона, ташкилот, идоралар, ўқув муассасалари раҳбарлари, маҳалла раислари, жамоат ва ёшлар ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамини юқори савияда ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Маруфжон Усмонов сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилган туб ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум этиш борасида эришилган муҳим натижалар хусусида тўхталиб ўтди.
“Энг асосийси, қўқонликлар ва барча ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшамоқдалар” – деди Қўқон шаҳар ҳокими.
Маруфжон Усмонов мутасаддиларга байрам арафасида ва байрам кунлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, шаҳар ҳокими Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда опен бюджет тизими имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан топшириқлар берди.
Йиғилишда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник Нурулло Султоновнинг Қўқон шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлаш юзасидан, Қўқон шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзоджон Деҳконовнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва тарғибот-ташвиқот ишларини юқори савияда ташкил этиш бўйича ахборотлари тингланди.
Шаҳар ҳокими аҳоли саломатлигини асраш, патронаж хизматини юқори савияда ташкил этиш, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар назоратида тиббиёт муассасалари ва маҳалла тизмининг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича ҳам мутасаддиларга вазифалар белгилаб берди.