Ўзбекистонинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан «Bestian Hospital» клиникаси раҳбари Шин Хён Гёнг ва Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Низомиддин Мирзаев ўртасида видеоконференция шаклида мулоқот ташкил этилди.
Музокараларда Қўқон шаҳрида вилоятимизда тиббиёт соҳаси хизматлари сифатини яхшилаш ва замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этишни назарда тутадиган, янги замонавий болалар тибииёт марказини барпо этиш истиқболлари муҳокама этилди.
Муҳокамаларда ушбу лойиҳанинг асосий ҳамкорлари ҳисобланаётган Ёнсей университетининг жамият саломатлиги Олий мактаби ва «Fine Health Care» клиникаси вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Низомиддин Мирзаев ушбу марказнинг ташкил этилиши нафақат Фарғона вилояти, балки Тожикистон, Қирғизистон каби қўшни мамлакатлар аҳолиси учун ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беришини таъкидлаб ўтди.
Жанубий Корея соғлиқни сақлаш муассасаларининг болалар ва катталар учун тиббиёт марказларини ташкил этишдаги бой тажрибаси ва шу каби лойиҳаларнинг Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида муваффақиятли амалга оширилаётганини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳани молиялаштириш ва тезкорлик билан ишга тушириш масалаларини биргаликда ҳал этишни таклиф этди.
Жанубий Кореяликлар лойиҳага ўз қизиқишарини билдириб, Қўқон шаҳри ва атроф ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш тизимини ўрганиш ва таҳлил қилишлари лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Ушбу лойиҳага нафақат Енсей университети, балки бошқа тиббиёт муассасаларини ҳам жалб этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Музокаралар натижасида, Ёнсей университетининг жамият саломатлиги Олий мактаби ва Қўқон Болалар шифохонаси ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш борасидаги меморандум имзоланишига келишиб олинди.