Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўртасида 28 та йўналиш бўйича ўтказилаётган танловда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан саралаб олинган иқтидорли ёшлар иштирок этмоқдалар.
Тантанали очилиш маросимида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорларини намоён этишга кўмаклашиш, санъатга бўлган қизиқишларини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди.
Иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган танловда республика босқичига етиб келган 500 дан зиёд иштирокчилар қатнашмоқдалар. Танлов икки кун давомида Қўқон шаҳридаги мусиқа ва санъат мактабларида ўтказилади. Ижрочиларнинг иқтидорларини таниқли санъаткорлар ва композиторлардан иборат ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.