Хусусан, 6-давлат умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган тадбирда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳам иштирок этди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Қўқон шаҳар ҳокими ўзи ҳам ушбу мактабда таҳсил олган ва бу ердаги таълим савиясига ҳамда яратилган шароитларга доимо эътибор қаратиб келади. Тантанали тадбирдан олдин Маруфжон Усмонов ўқувчиларнинг ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги кўргазмали чиқишлари ҳамда мактаб касб-ҳунар тўгаракларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишиб, ўқувчилар билан мулоқотда бўлди.
Байрамона безатилган мактаб майдонида тўпланган мактаб ўқувчилари, устозлар ва ота-оналар, маҳалла тизими мутасаддилари олдида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов Президентимизнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг ўқувчиларга билим беришда фидоийлик кўрсатиб келаётган мактаб ўқитувчилари, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган ўқувчилар ва таълим-тарбия соҳасида фаоллик кўрсатиб келаётган ота-оналар Қўқон шаҳар ҳокимининг Ташаккурномалари ва Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлимининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ўқувчилар томонидан ижро этилган қўшиқлар, саҳна кўринишлари, рақсларда миллий қадриятларимиз, устоз ва ота-онага муҳаббат мавзулари ўрин олди. Энг самимий тилаклар ва гулчамбарлар ота-оналар ва ушбу мактаб ривожи учун жуда кўп ишлар қилган ва қилаётган Қўқон шаҳар ҳокимига насиб этди.