Қўқон шаҳар Мудофаа бўлими томонидан Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида 27 январь куни ёшлар масалалари бўйича ўтказилган видеоселектр йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан, ёшларни ватанпарварлик рухида тарбиялаш мақсадида, Қўқон шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида «Жасорат» дарслари ўтказилмоқда.
Шу кунга қадар шаҳримизнинг 32, 35, 15-мактабларида ўтказилган «Жасорат» дарсларида битирувчи синфларнинг 500 нафардан зиёд ўқувчилари иштирок этдилар.
«Жасорат» дарсларида ўқувчиларга юртимизда ўтган буюк аждодларимиз, уларнинг Ватан, юрт равнақи йўлида кўрсатган жасоратлари, буюк бобокалонларимизнинг жахон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси хусусида маълумот берилмоқда. Шу билан бир қаторда, мустақиллик йилларида Ўзбекистон учун жонини фидо қилган, Саросиё тўқнашувларида ҳалок бўлган ҳарбийларимиз кўрсатган кахрамонликлар ҳам муҳокама этилмоқда.
Дарсларда ёшларга ёт ғояларга ишониб, жиноят йўлига кириб қолмаслик, жиноят ва ҳуқуқбузарликка етакловчи омиллар хусусида ҳам тушунтиришлар бериб борилмоқда.