Pay. Iyul 25th, 2024

Қўқон шаҳрида янги инвестицион лойиҳалар ишга тушмоқда

Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, секторлар раҳбарлари ҳамроҳлигида “Indorama feritilizers and chemicals” корхонасида янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

“Қўқон суперфосфат заводи” фаолиятини диверсификация қилиш мақсадида 2019 йилда унинг акциялари “Indorama Corporation” компаниясига сотилиб, бу ерда кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилди. Испания, АҚШ, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой давлатларининг етакчи компанияларидан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Натижада минерал ўғит ишлаб чиқариш қуввати йилига 75 000 тоннадан 350 000 тоннага етказилди.

Умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган икки босқичли инвестиция дастурининг биринчи босқичи доирасида суперфосфат ишлаб чиқариш тармоғи ишга туширилди. 500 киши иш билан таъминланиб, ишлаб чиқариш қуввати беш баробарга оширилди. 2021 йилда суперфосфат, сувда тез эрувчан комплекс минерал ўғитлар, азот-фосфор-калийлик минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги линиялар ишлай бошлади.

Айни кунларда 40 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ҳисобига иккинчи босқич лойиҳаси доирасида янги линияларни қуриш ишлари олиб борилмоқда. Натижад100дан зиёд янги иш ўринлари яратилади, йилига 24 миллион долларлик уч турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони бўлади.

Маруфжон Усмонов корхона раҳбарияти билан мулоқотда бўлиб, янги лойиҳаларни ишга тушириш учун шаҳар ҳукумати томонидан барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлаб ўтди.