Таълим соҳаси фидоийлари, маҳалла тизими мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган форумда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов шаҳримизда ўтган ўқув йилида таълим соҳасида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар хусусида батафсил маълумот бериб, Қўқон шаҳрида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берди.
Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича олиб борилган ишлар доирасида Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 200 миллион сўм, мактаблардаги коммунал муаммоларни ҳал этиш ва жорий таъмирлаш ишларига 500 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.
Маруфжон Усмонов мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги ролини ошириш, таълим самарадорлигини юқори даражага олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Шаҳримизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни амалиётга жорий этиш, ўқувчиларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги ташаббускорлиги ва фидойилиги учун бир қатор устоз-мураббийлар Қўқон шаҳар ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тантанали тадбирда маҳалла тизимидаги самарали фаолияти ва фидокорона меҳнатлари билан ўрнак бўлаётган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, участка нозирлари ва хотин-қизлар фаолларига ҳам Қўқон шаҳар ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари топширилди.
Байрамона безатилган дастурхон атрофида тўпланган иштирокчилар учун бадиий дастур намойиш этилиб, кўтаринки кайфият баҳшида этилди.