Chor. Fev 28th, 2024

Жорий йилнинг 16-март куни Президентимиз Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюриб, солиқ соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди

 

Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида солиқ органлари тадбиркорлар билан учрашиб уларни муаммоларини тинглаши, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириши, уларга кўмакчи бўлишлари юзасидан қатор топшириқлар берган эди.

 

Мазкур топшириқлар ижроси, шунингдек, “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида солиқ тўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида “Тадбиркорга кўмак марказлари” фаолияти йўлга қўйилмоқда.

 

Хусусан, ана шундай марказлардан бири Қўқон шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида барпо этилди. Ҳудуддаги тадбиркорлар солиқ соҳасидаги муаммолар билан, давлат солиқ солиқ инспекциясига бормасдан, “Тадбиркорга кўмак маркази”га мурожаат этишлари мумкин. Бу шароитлар тадбиркорларнинг вақтини тежаш, муаммо-масалаларни бизнес ҳудудида ҳал этиш имконини беради.

 

Эътиборлиси, ушбу марказга бир нафар солиқ идораси ходими бириктирилган бўлиб, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Солиқ тўловчи учун энг қувонарлиси, марказдаги барча хизматлар бепул. Бу ерда фуқароларга солиқ қонунчилигига оид сўнгги ўзгаришларни тушунтириш билан бирга, тадбиркорларга ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, солиқ ҳисоботларини юбориш, қулай солиқ режимини танлаш, дастлабки бухгалтерияни юритиш каби масалалар юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.