Sesh. May 14th, 2024

Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов давлатимиз раҳбари раислигида Гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳалар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан топшириқлар берди.

Маълумки, куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари Президентимизнинг доимий диққат марказида бўлиб турибди. Йиғилишда энергетика тизимидаги шу борадаги ишларга тўхталиб ўтилди.

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда мазкур тармоқ ва трансформаторларни модернизация қилишга 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Жорий йилда Тошкент шаҳридаги энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича катта дастур бошланди.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда куз-қишни беталафот ўтказиш учун камида 10 миллиард сўмдан захира шакллантирилмоқда. Бу маблағалар эвазига трансформатор, сим ва бошқа эҳтиёт қисмлар янгилаб борилади.

Шаҳар ҳокими ва секторлар рахбарлари, кун тартибидаги масалаларга алоқадор масъулларга иссиқлик тизимларини таъмирлаш ва модернизация ишларини жадаллаштириш, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжи учун кўмир етказиб бериш, аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилган кўмирни юқори нархларда ноқонуний сотиб юбориш ва талон-торож қилишга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берди.