Хусусан, 7-Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Тил миллатнинг ўзлиги” шиори остида ўтказилган тадбирда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳам иштирок этди.
Маруфжон Усмонов сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ўзбек тилининг нуфузи ва аҳамиятини ошириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтиб, барчани кириб келтаётган Ўзбек тили байрами билан самимий муборакбод этди.
Қўқон давлат педагогика институтида ўз фаолиятини давом эттираётган Қўқон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Барнохон Хасанова, шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси Дилфузахон Алимовалар тадбирни ўзгача қизиқарли тарзда ташкил этилишига катта ҳисса қўшдилар.
Ўзбекистон давлат мадҳиясининг барча иштирокчилар томонидан, жўр бўлиб, ижро этилиши, мустабид тузум даврида миллат эрки ва фаровонлиги йўлида курашиб, қурбон бўлган шоир ва ёзувчилар ҳақидаги саҳна кўринишлари, қўшиқ, шеърлар ва ғазаллар тадбирни қизиқарли ва ҳис-туйғуларга бой бўлиб ўтишини таъминлади.