Маҳаллалардаги ишсиз аёл-қизларни тикувчилик ҳунарига ўқитиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга ёрдам бериб келаётган Машхурахон Ҳайдарова ҳақида аввалги хабарларимизда маълум қилган эдик.
Давлатимиз раҳбарининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Қўқон шаҳридаги тадбиркор аёллар қатори Машхурахон Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ташкил этилган “Ўзбек миллий либослар меҳр уйғотиш ва оммалаштириш кийим ва кийиниш маданиятини юксалтириш” ўқув семинарларида малака ошириб келди.
Бугун Машхурахоннинг семинарларда олган билимлари асосида ташкил этилган “Хон атлас миллий либослар модалар уйи” ўз фаолиятини бошлади.
Модалар уйининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон оила ва Хотин-қизлар давлат қўмитаси раҳбари Зулайхо Маҳкамова, Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Очилиш маросимида Машхурахон Ҳайдарованинг “Зафарон” миллий либослар коллекцицяси намойиши, таниқли санъаткорлар иштирокида бадиий дастур иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Зулайхо Маҳкамова ва Қўқон шаҳрида хотин-қизлар масалалари бўйича мутасаддилар иштирокида аёлларнинг жамиятдаги ўрни, мавжуд муаммолар, оила, кийиниш маданияти каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Муҳокамада аёллардан келиб тушган шикоят ва мурожаатлар бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси Ўзбекистон оила ва Хотин-қизлар давлат қўмитаси раҳбарининг назоратига олинди.