Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов KAUKO INTERNATIONAL компанияси ижрочи директори Нильс Айрола (Niiles Airola) билан музокаралар олиб борди.
KAUKO INTERNATIONAL бош офиси Финляндияда жойлашган, жахоннинг турли ҳудудларидаги 100 дан зиёд компанияларни бирлаштирган, саноат технологиялари ва савдо компаниясидир.
Мулоқот чоғида Қўқон шаҳрига чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларини олиб келиш, 98 фоизгача чиқиндиларни қайта ишлаб, ҳомашёга айлантирадиган йирик завод барпо этиш масалалари муҳокама этилди.
Айни пайтда муҳокама этилаётган завод йилига 100 000 тоннагача маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Маълумот учун Қўқон шаҳрида бир йилда 20 000 тоннадан зиёд маиший чиқиндилар ҳосил бўлади.
Эришилган келишувларга асосан, агар барча томонлар ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажарса, завод 2024 йилда ишга тушади.