Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, Фарғона вилояти Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Баходиржон Холиқов ҳамда Республика Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Равшанжон Отабоевлар 75 нафар ижтимоий дафтарларга киритилган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган хотин-қизларга тикув машиналари ва 1 нафарига инкубаторни тантанали равишда топширдилар.
Шунингдек 14 нафар ногиронлиги бор фуқароларга эътибор кўрсатилиб, ижтимоий муаммолари ҳал этилди. Мутасаддилар саломатлиги туфайли оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолганларга ногиронлик аравачаларини топширдилар.
Субсидия асосида инкубаторга эга бўлган Рахимахон Эрматова кўп йиллардан бери паррандачилик билан шуғулланади аммо ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун етарли маблағи йўқ эди. «Исфара гузар» маҳалласи мутасаддиларининг сайъ-ҳаракатлари билан фуқаро доимий даромад манбаи билан таъминланди.
28-«Ачиқкўл» маҳалласида истиқомат қиладиган Хотиматова Гулсанамхон эса бир нафар фарзандни ёлғиз тарбия қилмоқда ва даромад манбаига мухтож эди. Эндиликда тикув машинаси билан таъминланган фуқаро олдига янги режаларни қўйиб ҳаракат қилмоқда.
Қўқон шаҳрида жорий йилда, Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида, 1282 та фуқароларга 20 млрд сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Ижтимоий дафтарга киритилган аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида 321 нафар фуқароларга тикув машиналари, 1 нафар фуқарога инкубатор субсидия асосида тақдим этилди.