Фестивальни юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят ташкилий қўмитаси раиси, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров штаб аъзоларининг фестивальга тайёргарлик бўйича ҳисоботларини тинглади.
Хусусан, фестивальга тайёргарлик доирасида Қўқон шаҳрида 51 километр йўл четидаги бордюрлар пардозланди, 31 километр йўлларга чизиқлар тортилди, 1.5 километр йўл бўйидаги панжаралар бўялди, 131 та кўча чироқлари янгиланди, 30 га яқин марказий кўчалардаги кўпқаватли уйлар фасадлари таъмирланди. Мехмонхона, хостеллар, кафе, ресторанлар халқаро стандартлар даражасига келтирилди.
Айни пайтда асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган Ўрда майдонида саҳна, йўлаклар, ротондаларни таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Хайрулло Бозоров ободонлаштириш, қурилиш таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда ниҳоясига етказиш, Қўқон шаҳридаги бозорларда тартибли савдони ташкил этиш, фестиваль кунлари иштирокчилар хавфсизлиги, жамоат тартибини таъминлаш каби кўплаб масалалр юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.