1-сектор раҳбари, Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳарбий ихтисослаштирилган “Жасорат” маркази фаолияти билан танишди. Марказда ташкил этилган таълим тарбия жараёни, тарбияланувчилар учун яратилган шароитларни ўрганди ва улар билан суҳбатда бўлди.

Марказда 51 нафар ёшлар, таълим дастурини ўзлаштириш билан бир қаторда, ҳарбий тайёргарлик, касб-ҳунарларга ўқитилади. Марказдаги ўқув дастури бир ойга мўлжалланган бўлиб, таълим жараёни интернат шаклида ташкил этилади. Тарбияланувчилар 3 маҳал овқат ва ётоқхона билан таъминланади. Ихтисослаштирилган марказда ёшлар ватанпарварлик, она Ватанга садоқат рухида тарбияланади.

Мамлакатимиз раҳбари маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаб ўтган эди. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбийларга йўллаган табригида Президентимиз “Янги Ўзбекистонда ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, Она Ватанга фидойи ва жонкуяр инсонлар бўлиб улғайиши, шонли тарихимиздан ибрат олиб, ундан фахрланиб яшашлари учун барча куч ва имкониятимизни тўлиқ сафарбар этамиз”, деб алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Қўқон шаҳрида фойдаланишга топширилган “Жасорат” марказининг фаолияти ҳам айнан шунндай мақсадларга йўналтирилади.