Sesh. Apr 23rd, 2024

Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг 6-чақириқ, 49-сессиясида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, депутатлар, кун тартибидаги масалаларга алоқадор масъул раҳбарлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сессияда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи Бахтиёржон Пўлатовнинг “Қўқон шаҳрида маҳаллалардаги мавжуд ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларининг ҳақиқий ҳолатини баҳолаш мезонлари асосида маҳаллаларни баҳолашдан ўтказиш ва уларнинг реестрини шакллантириш юзасидан олиб борилган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи тингланди.

Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов Туркияга қилган хизмат сафари давомида маҳаллаларда тадбиркорликни ташкил этиш борасида орттирган тажрибаси юзасидан депутатлар билан фикр алмашиб, шаҳримизда ушбу тажрибани қўллаш бўйича ўз тавсияларини билдирди.

Сессияда Қўқон тиббиёт бирлашмаси раҳбари Комилжон Сирожиддиновнинг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи ҳам тингланди.

Депутатлар томонидан сессияда кун тартибига қўйилган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди. Бир қатор депутатлар кўрилган масалалар бўйича ўз таклифлари ва фикр мулоҳазаларини билдирдилар. Сессияда кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.