Зиёратчиларни муборак сафарга жўнатиш муносабати билан “Зайнул-обидин” масжидида ўтказилган маросимда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳам иштирок этди.
Шаҳар ҳокими муборак ҳаж зиёратини адо этиш учун сафарга чиқиб кетаётган ҳамшаҳарларимизни самимий қутлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда дин ва виждон эркинлигини таъминлаш, юртдошларимиз ибодатларини беками куст адо этиш учун яратилган шароитлар, мамлакатимизда муқаддас Ислом динини кенг тарғиб этиш ва ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки мамлакатимизда ҳаж зиёратини адо этиш учун юборилаётган зиёратчиларнинг сони йилдан йилга ошиьб бормоқда. Хусусан Қўқон шаҳридан 2022 йилда 74 нафар зиёратчилар муқаддас зиёратларини адо этиш имконига эга бўлган бўлсалар жорий йилда ушбу кўрсаткич 95 тага етди.
Ўтган йилларда зиёратчиларимиз Республикамизнинг 7 та ҳудудий аэропортларидан кузатилган бўлса, бу йил янада қулайлик яратиш мақсадида, ўлкамизнинг 10 та ҳудудий аэропортларидан ҳаж сафарига кузатилди.
Мусулмон оламининг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан фуқароларимизнинг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари Президент Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация ўртасида ўткан йили ўтказилган музокараларда ҳам муҳокама этилган эди.