Jum. Mar 29th, 2024

Хотин қизларни ижтимоий-сиёсий қўллаб қувватлаш, иш билан таъминлаш мақсадида Қўқон шаҳар ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги шаҳар бўлими, “Тадбиркор аёл” уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиха доирасида 200 нафардан зиёд аёл-қизлар тадбиркорлик соҳасига бепул ўқитилди.

 

Куни кеча навбатдаги семинар тренингларни муваффақиятли якунлаб, тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган 35 нафар аёл-қизларга сертификатлар топширилди. Навбатдаги босқичда аёл-қизлар семинарда олган билимларидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, имтиёзли кредит маблағлари билан таъминланади.

 

Қўқон шаҳрида секторлар кесимида хонадонма-хонадон юриш натижасида аниқланган 1315 нафар аёл-қизлар тадбиркорликка, 706 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди. Семинар тренингларда бизнес кўникмаларга эга бўлган 200 нафар аёлларга Хотин-қизлар жамғармаси ҳисобидан 680 миллион сўм, “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида 2.2 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

 

Натижада янги ташкил этилган 200 та тадбиркорлик субъектидан 4 таси йирик тикувчилик корхонаси бўлиб, ўз ўрнида, маҳаллалардаги 700 дан зиёд ишсиз аёл-қизларни иш билан таъминлади.