Pay. Mar 28th, 2024

Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг олтинчи чақириқ, XXVI сессиясида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, Қўқон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари раҳбарлари, шаҳар Кенгаши депутатлари, сессияда кўрилган масалаларга алоқадор идоралар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.

 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил, 6 ноябрдаги (ПФ-6108) «Ўзбекистоннинг янги ривожланиш даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан Қўқон шаҳридаги 3, 7, 10, 12, 19, 20, 25, 27, 28, 41-мактабларига директорликка номзодларнинг 3 йиллик дастурлари кўриб чиқилди.

 

Кун тартибидаги масала юзасидан Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ўз муносабатини билдириб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган Фармон таълим-тарбия соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамиятимизни демократлаштириш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш ва пировард натижада таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

 

Шундан сўнг сессияда Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан мактаб директорлари лавозимига тавсия этилган номзодларнинг 3 йиллик дастурлари депутатлар томонидан тингланди. Депутаталар номзодларни баҳолаб бориб, улар билан савол-жавоб қилдилар. Номзодларнинг чиқишлари Қўқон шаҳар ҳокимлигининг Фейсбукдаги расмий саҳифаларида жонли эфирда узатилиб, кенг жамоатчилик томонидан ҳам муҳокама этилди..

 

Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларнинг бўш турган директор лавозимларига номзодларнинг дастурларини кўриб чиқиш натижасига кўра, депутатлар томонидан
7-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Мадаминова Зиёда Сайитқуловна:

10-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Мирмақсудов Мирҳамид Ғаниевич:

19-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Шаропова Зоҳида Сулаймоновна:

27-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Тўхтабоева Феруза Ҳасанбоевна:

28-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Раҳимбердиева Маҳфуза Муротовна:

41-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Умеров Эскандер Азизович тавсия этилди.

 

Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими мудири Дилфузахон Алимовага номзодлари депутатлар томонидан маъқулланмаган 3, 12, 20, 25 мактабларнинг директорлик лавозимларига қайтадан танлов ташкил этиш вазифаси юклатилди.

 

Сессияда шунингдек “Темир дафтар”ларга киритилган аёлларни ижтимоий рўйхатлардан чиқариш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан маъқулланди. 4 та сектор ҳудудида бу борада олиб борилган ва давом этаётган тизимли ишлар хусусида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмоновнинг ҳисоботи тингланди.

 

Депутатлар томонидан “Обод маҳалла” давлат дастурига тушган 51-“Зилол” ва 62-“Шикорбеги маҳаллаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.

 

Сессияда кўтарилган масалалар юзасидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Сессияда кўрилган масалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.