Sesh. May 14th, 2024

1. Қуйидагилар шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қўқон шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинган ҳужжатларда белгиланадиган иқтисодий, ижтимоий ва тадбиркорлик соҳасининг энг муҳим устувор вазифаларига мувофиқ ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. Республика ва шаҳар миқёсида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган мақсадли дастурларнинг ижросини таъминлаш;

шаҳарнинг макроиқтисодий кўрсаткичларини, шу жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат, инвестиция, хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси, экспорт, инфляция, бандлик, маҳаллий бюджетнинг ҳар йилги прогноз параметрларини асосланган ҳолда ишлаб чиқиш ва унинг самарали ижросини ташкил қилиш, дебитор-кредитор қарздорликларнинг юзага келиши олдини олиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш ва қарздорликни бартараф қилишнинг самарали усулларини жорий этиш;

иқтисодиёт масалалари бўйича тегишли бўлимлар, идоралар, ташкилотлар, тижорат банкларининг ҳудудий тузилмалари иш фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолини тадбиркор қилиш мақсадида улар билан тижорат банклари ўртасида мулоқот ўрнатиш учун ҳар бир хонадонга комплекс банк ва молиявий хизматларни таклиф қилиш орқали имтиёзли кредитлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва сўзсиз амалга ошириш;

тармоқ ва ҳудудий бошқарув органлари узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларини, шу жумладан, базавий тармоқларининг узвий ривожланиши, бунда шаҳар ва шаҳар кесимида ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурсларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқаришни модернизациялаш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялашни амалга ошириш, инвестицияларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни молиявий маблағ ҳамда замонавий технологиялар шаклида жалб қилиш, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш;

иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ҳудуд иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини комплекс ривожлантиришнинг асосий дастурларини, шу жумладан, саноат, инвестиция, маҳаллийлаштириш, хизматлар соҳасини ривожлантириш каби мақсадли дастурларни кафолатланган молиявий манбаларини аниқлаган ҳолда шаҳар ва шаҳарнинг маҳаллий бюджети параметрлари билан узвий тарзда ишлаб чиқиш ва сўзсиз амалга оширишни таъминлаш;

ҳудудий инвестиция дастурлари амалга оширилишини, иқтисодиётни ривожлантиришнинг ўртача ва узоқ муддатли дастурларига киритилган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва корхоналарнинг устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини хусусий инвесторларга,
шу жумладан, хорижий инвесторларга сотиш ҳисобига республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг даражаси ва ролини ошириш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қуватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва эркинликларининг кафолатларини таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, янги корхоналар, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида корхоналарни ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг турли қатламлари бандлиги масалаларини ҳал этиш орқали маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш, республика ва маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини ошириш ҳисобига маҳаллий бюджет субвенцияси ҳажмини босқичма-босқич қисқартириш ва бартараф этиш;

ишлаб чиқарилган маҳсулотларни, ҳудудий саноат маҳсулотларини экспорт қилиш дастурларини ишлаб чиқиш, дунёдаги нарх конъюнктурасини ўрганиб, таҳлил қилиб бориш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда уларнинг янги бозорларда экспорт қилинишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражасини ва сифатини ошириш, янада фаровон ҳаёт кечириши учун пенсия ва нафақалар, реал даромадларини барқарор ошириш манбаларини яратиш, замонавий банк ва молия инфратузилмасини яратиш ҳисобига нақд пул тўловларини ўз вақтида амалга оширишнинг янги механизми ва тизимини жорий қилиш;
иқтисодиётда ва ижтимоий соҳада илмий ва технологик салоҳиятни, инновацион технологияларни янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларнинг, амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларнинг даражаси, сифати ва самарадорлигини ошириш, уларнинг натижаларидан амалда кенг фойдаланишни ташкил этиш;

чакана ва улгуржи савдони, хизматлар кўрсатиш соҳасини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, савдони ташкил этиш ва хизматлар кўрсатишнинг янги шакллари, усулларини кенг жорий этиш, аҳолини истеъмол товарлари ва хизматлар билан таъминлаш бўйича маркетинг тадқиқотлари юзасидан бозорлар, ярмарка, кўргазмалар фаолиятини мувофиқлаштириш;

“ягона дарча” тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказларнинг ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ваколатли органларнинг фаолиятини, шунингдек, давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бевосита алоқасиз шаклларини жорий этишнинг ҳолатини таҳлил қилиш;

ишбилармонлик муҳити индикаторларини баҳолаш ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўровлар натижалари асосида тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисидаги таҳлилий материалларни тайёрлаш ва кейинчалик уларни Фарғона вилоят Иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармасига киритиш;

ҳудудда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришни рағбатлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш;
тадбиркорликни ривожлантиришдаги энг муҳим муаммолар бўйича семинарлар ва давра суҳбатларини мунтазам ўтказиш, шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги тўғрисидаги материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш йўли билан тадбиркорлик субъектлари орасида ахборот ва тушунтириш ишларини ташкил этиш;

давлат органлари, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, ахборот фаолияти, архив иши, интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш;

халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

тасарруфидаги тегишли ташкилот ҳамда муассасаларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги 12-сонли “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 1999 йил 29 мартдаги 140-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳокимият ва бошқарув органларида иш юритиш ва назоратни ташкил этиш бўйича меъёрий хужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларининг талаблари асосида иш ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ кўриб чиқиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

2. Шаҳар ҳокими қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этадиган ҳудудий комиссиялар ва кенгашларга раислик қилади.

3. Қуйидаги ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг шаҳар ҳокимлиги билан ўзаро фаолиятини мувофиқлаштириб боради:

шаҳар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими;

шаҳар молия бўлими;

шаҳар ғазначилик бўлими;

бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси шаҳар бўлими;

шаҳар давлат солиқ инспекцияси;

шаҳар статистика бўлими;

шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази;

“Ўзбекинвест” компанияси, “Ўзагросуғурта” АЖ, “Кафолат” АЖ агентлиги ва бошқа суғурта компанияларининг шаҳардаги филиаллари;

барча тижорат банклари шаҳар филиаллари;

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти шаҳар бўлими;

“Ўзбектелеком” компанияси шаҳар филиали;

шаҳардаги улгуржи шароб базалари;

шаҳардаги барча автодилерлар;

шаҳардаги улгуржи савдо базалари;

шаҳар бозорлари ва савдо комплекслари;

шаҳар “Ҳунарманд” уюшмаси;

Савдо-саноат палатаси шаҳар бўлими.