Yak. Sen 24th, 2023

Қўқон шаҳар А.Т.Ҳўқандий мавзеси ҳудудидан «QO’QON ELEGANT BUILDING» МЧЖга икки қаватли (1-қаватида савдо маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 2-қаватида турар-жой) биноси қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер майдони ажратиш ҳақида.

 

«QO’QON ELEGANT BUILDING» МЧЖ рахбари З.Сатторова шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, Қўқон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 17 январдаги 12-сонли қарори билан «QO’QON ELEGANT BUILDING» МЧЖга 5 қаватли тураржой биноси қуриш учун ажратилган ер майдони шаҳар ҳокимлиги захирасига қайтариб олинганлиги сабабли ўрнига ер майдони ажратиб беришни сўраган.

 

Юқоридагиларга асосан «QO’QON ELEGANT BUILDING» МЧЖнинг мурожаатини қаноатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори, Ўзбекистон Республикасининг “Ер Кодекси” 7,20,23,41-моддалари, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни 6,25-моддаларига асосан.

 

ҚАРОР ҚИЛАМАН.

1. Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг 2020 йил 7 январдаги “А.Т.Ҳўқандий мавзеси ҳудудидан «QO’QON ELEGANT BUILDING» МЧЖга икки қаватли (1-қаватида савдо маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 2-қаватида турар-жой) биноси қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер майдони ажратиш ҳақида”ги далолатномаси тасдиқлансин.

 

2. «QO’QON ELEGANT BUILDING» МЧЖга А.Т.Ҳўқандий мавзеси ҳудудидан икки қаватли (1-қаватида савдо маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 2-қаватида турар-жой) биноси қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 50,0 м2 ер майдони ажратиб берилсин.

 

3. Қўқон шаҳар қурилиш бошқармаси (Б.Турсунов)га А.Т.Ҳўқандий мавзеси ҳудудида икки қаватли (1-қаватида савдо маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 2-қаватида турар-жой) биноси қуришга лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган Архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ-1, АРТ-2)ни белгиланган муддатларда тайёрлаб бериш вазифаси юклатилсин.

 

4. Буюртмачи (З.Сатторова) зиммасига: биноларнинг фасад қисмини ва бинолар олди томонини ободонлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси “Шаҳарсозлик Кодекси”нинг “Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳақида”ги 8-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги “Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидалари” ҳақидаги 59-сонли қарори талаблари асосида бажариш вазифаси юклатилсин.

 

5. Келгусида ажратилаётган ер майдонидан белгиланган бошқа мақсадларда фойдаланилганда ёки ер майдонини самарасиз ҳолатга келтириб қўйилганда Ўзбекистон Республикасининг “Ер Кодекси” 36-моддасига асосан шаҳар заҳирасига қайтариб олинишлиги белгилаб қўйилсин.

 

6. Ушбу қарор тасдиғи Халқ депутатлари шаҳар кенгашидан сўралсин.

 

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари Э.Тўхтабоев зиммасига юклатилсин.

 

Қўқон шаҳар ҳокими: М.А.Усмонов
16.02.2021