Shan. Iyul 13th, 2024

1. Қуйидагилар шаҳар ҳокимининг асосий вазифалари ҳисобланади:
шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлайди;

Қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, Қўқон шаҳар ҳокимининг қарор ва фармойишлари, юқори турувчи органлар ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашлари қарорларининг ижросини ташкил этади;

ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорларни қабул қилади;

жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этади;

аҳолини қабул қилишни ташкил этади, фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини қараб чиқади, шаҳарда ташкил этилган “Халқ қабулхонаси” нинг фаолият кўрсатишига ҳар томонлама кўмаклашади ва улар томонидан ташкил этиладиган қабулларда иштирок этади;

шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, шаҳар бюджетининг асосий кўрсаткичларини ва уларнинг ижросига доир ҳисоботларни халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессияси тасдиғига тақдим этади;

Фарғона вилояти ҳокими билан келишилган ҳолда шаҳар ҳокимининг ўринбосарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади. Ушбу масалага доир қабул қилган қарорларини Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг тасдиғига киритади;

ҳокимлик девони бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

берилган ваколатлари доирасида шаҳар ташкилотлари раҳбарларини тайинлайди ва амалдаги тартибга асосан шаҳар Кенгаши тасдиғига киритади. Шунингдек, тегишли бошқарма, бўлим, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини тайинлаш бўйича уларнинг шаҳар идораларига таклифлар киритади;

раҳбарлари Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг ишини назорат қилади;

Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва шаҳар ҳокими қабул қилган ва чиқарган ҳужжатларни бажармаганликлари учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида Қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади;

Давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир илтимосномаларни кўриб чиқади ва таклифлар киритади;
республика ва хорижда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш кўради;

ўзига берилган ваколатлари доирасида умум манфаатини ифодаловчи тадбирлар ўтказиш, қўшма корхоналар, хўжалик ташкилотлари тузиш учун, турли тармоқлар ва бошқарув соҳаларидаги фаолиятларни уйғунлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бошқа шаҳарлари ва туманларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномалар асосида ўзаро муносабатлар ўрнатади;

шаҳардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ижроия органларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини, Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Олий Мажлис палаталари қарорларини, Президент Фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг ҳамда шаҳар ҳокимининг қарорлари ва фармойишларини бажариш бўйича фаолиятларини назорат қилади;

заруриятга қараб, аммо бир йилда камида 2 марта халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессиясини чақиради, сессияни олиб боради, кун тартибига киритиладиган масалаларни таклиф қилади, унинг ҳужжатларига имзо чекиб, тасдиқлайди;

олиб бораётган ишлари ва раҳбарлик қилаётган бошқарув органларининг фаолияти ҳақида йилда бир марта халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ахборот беради;
шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар идоралари билан ҳамкорликда иш олиб боради;

янги технологиялар ва техникаларни жорий қилиш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, бунда янгиликларни ўзлаштиришга юқори даражадаги қобилиятли илмий ва интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш чораларини кўради;

давлат стратегик ва сафарбарлик заҳираларини шакллантиришни, шу жумладан, уларни тўплаш, сақлаш ва янгилаб боришни, шунингдек, давлат стратегик ва сафарбарлик заҳираларидан белгиланган тартибда тезкорлик билан фойдаланишга доимий тайёр бўлишни таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;

ҳоким режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, шаҳар мулкини бошқариш, мулкчиликнинг турли шаклига мансуб корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик қилиш, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, қурилиш, транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа, аҳолига коммунал, савдо ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади;

шаҳар ҳокими ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар шаҳар ҳудудида жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

2. Шаҳар ҳокими қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган ҳудудий комиссиялар ва кенгашларга раислик қилади.

3. Қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида қуйидаги шаҳар ташкилотлари билан жамоат тартибига риоя этишни, фуқаролар хавфсизлигини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш борасида мувофиқлаштириш ишларини олиб боради:

Давлат хавфсизлик хизмати шаҳар бўлими;
шаҳар прокуратураси;

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент шаҳар бўлими;

шаҳар ички ишлар бошқармаси (Ёнғинга қарши кураш, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари);

жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар шаҳар судлари;

шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими;

шаҳар мудофаа ишлари бўлими;

шаҳар Адлия бўлими;

шаҳар божхона хизмати бўлими;

шаҳарда жойлашган харбий қисмлар;

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг шаҳар бўлими.