Sesh. May 14th, 2024

“Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Қўқон шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Абдуллаев Қобилжон Абдужамбуловичнинг ҳисоботи.

Тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтириш ва бизнес юритишни соддалаштириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 28 июндаги ПФ-162-сон фармони билан солиқ маъмуриятчилигига қатор ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, 2022 йил 1 июлдан фойдаланилмаётган кўчмас мулк объектларига таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бекор қилинди. Шунингдек, ҚҚС маъмуриятчилиги соддалаштириб, мажбурий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига ҚҚС гувоҳномаси солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан автоматик равишда берилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, юқоридаги фармон билан 2023 йил 1 мартга қадар ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида товарлар (хизматлар) идентификация кодлари (МХИК)ни нотўғри акс эттирганлик учун молиявий жарима қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.

Албатта, бу каби ўзгаришлар тадбиркорларга қўшимча имкониятлар яратади. Шу ўринда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида Қўқон шаҳар ДСИ ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Айни пайтда мунтазам равишда тадбиркорлар билан турли очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил этилмоқда, муаммолар ўрганилиб ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун муҳим бўлган қатор йўналишларни белгилаб олган ҳолда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Хусусан, 2022 йил январ-август ойларида Қўқон шаҳар ДСИ томонидан 3452 та тадбиркорлик субъектларини қийнаётган муаммолар ўрганилди. Мазкур жараён давомида кўмаклашиш зарур бўлган 648 та тадбиркорлик субъектларига дастлабки бухгалтериясини юритиш, қулай солиқ режимини танлаш, солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартибини тушунтириш, ортиқча ҚҚС тўловларини қайтариш каби масалалар юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Биз, солиқ идоралари ходимлари тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлашга, солиқ қонунчилигига оид зарур ёрдам кўрсатишга ҳамиша тайёрмиз. Тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан 73 542 10 12 (Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шўъбаси) рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.