Президентимизнинг «Қўқон озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институтини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори муҳокамага қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантишнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, соҳада халқаро стандартлар асосида олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўмон Султонлигининг Atyab International Services компанияси муассислигида “Қўқон озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги Халқаро институти” (кейинги ўринларда – институти) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, дейилади Қарор лойиҳасида.
Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сифатида белгиланди:
- республиканинг иқтисодиёти ва аграр секторини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал қила оладиган, халқаро таълим стандартлари даражасидаги юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
- ўқув жараёнини ташкиллаштиришга хорижий тажриба, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш, ўқув жараёнига малакали чет эллик ва хорижий таълим муассасаларида таҳсил олган, малакасини оширган халқаро тажрибага эга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш;
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторини ривожлантириш учун жаҳон миқёсида рақобатбардош технологиялар, жараёнлар ва тармоқларни ривожлантирадиган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида мукаммал технологлар, олимлар ва бизнес раҳбарларини етиштириш;
- юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш;
- озиқ-овқат технологияси соҳасида амалий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда замонавий талаблар асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.
Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри, Мовароуннахр кўчаси 92-уйда жойлашган Қўқон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар техникумининг бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудуд оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул фойдалани учун белгиланган тартибда институтга берилади.