Jum. Mar 29th, 2024

Озодалик, поклик ва тозалик миллатимиз ва эътиқодимизга хос азалий қадриятларимиздан хисобланадилар. Бу қадриятиларимиз, бошқа ҳеч қайси миллатга хос бўлмаган, эрта тонгдан кўча супуриш, сув сепиб обод этиш каби урф-одатларимизда ҳам ўз аксини топган. Шаҳримизда ҳам қадимдан бу масалага жиддий эътибор қаратилганини замонамизгача етиб келган фотосуратларда кўришимиз мумкин.

Бугун ҳам Озодалик куни доирасида шаҳримиз кўчалари, маҳалла ва гузарлари саранжом саришта холатга келтирилди. Хазон ва чиқиндилар тўпланиб, олиб чиқиб кетилди. Шаҳримизнинг марказий кўчалари билан бир қаторда кўп қаватли уйлар ҳудудлари ҳам обод этилди.

Шаҳримиздаги мозор ва қабристонларни тозалашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ишларда шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг Мозорлар бўлими ишчи-хизматчилари фаол иштирок этдилар.

Ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда айрим маҳаллаларимизнинг гулзорларига янги унумдор тупроқ ёткизилди, нотекис йўлларга шағал сепилиб, асфалт қопламасини ёткизиш учун шай холатга келтирилди.

Айни пайтда, шаҳримиз бу умумий уйимиз, уни обод этишга барчамиз бирдек жавобгар эканлигини хисобга олсак, кейинги шанба куни Озодалик куни тадбирларида жамоат ташкилотлари, ёшларимизнинг ҳам иштирок этиши мақсадга мувофиқдир.