Sat. Jul 20th, 2024

Қўқон университетида юртимизга баҳор келганидан дарак берувчи илк байрам – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланди. Университет раҳбарияти томонидан “Ўзбегим” тантаналар саройида “Аёл борки олам мунаввар” номли байрам тадбири ташкил этилди. Меҳмонлар ва университет хотин-қизлари – ўқитувчилар, талабалар байрам дастурхони атрофида жам бўлиб, гўзаллик ва нафосат айёмини кўтаринки кайфиятда қарши олишди, деб хабар бермоқда университет матбуот хизмати.

Шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва жамиятимизни юксалтирувчи барча соҳаларда хотин-қизлар фаолияти муҳим аҳамият касб этаётгани, аёлларимизга таълим-тарбия ҳамда давлат бошқарувида ҳам катта ишонч билдирилаётганини алоҳида таъкидлади. Байрамда иштирок этган барча хотин- қизларни 8 март айёми билан қутлади. 

Университет проректори, профессор Ойбек Шералиев байрам сабабчиларига самимий табригини йўллади. 

Университет талаба-йигитлари байрам туҳфаси сифатида бадиий дастур намойиш этиб, барчага кўтаринки кайфият улашдилар. Уларнинг ҳар бир чиқишлари олқишларга сазовор бўлди.

Эстрада хонандалари дилтортар куй-қўшиқлари билан байрам иштирокчиларини даврага чорладилар. Қўшиқлар-қўшиқларга, рақслар-рақсларга уланди.