Шундай шиор остида ўтказилган ҳайрия ободонлаштириш тадбирида Қўқон шаҳридаги Шайхон қабристони яқинида истиқомат қиладиган ва яқинлари шу ерга дафн этилган фаол ёшлар иштирок этдилар.
Ўтганлар хотирасини ёд этиш, аждодларга ҳурмат бажо келтириш миллатимиз, динимиз ва маданиятимизга хос қадриятлардан. Ўсиб келаётган ёш авлод ҳам ушбу қадриятларимизни эъзозлаб, ташаббус кўрсатаётгани фарзандларимиз қалбида Ватанига, туғилиб ўсган шаҳрига ва ўтган аждодларига чексиз ҳурмат жой олганидан дарак беради.
Тадбир давомида қабристон ҳудуди ободонлаштирилиб, саранжом-саришта ҳолатга келтирилди. Қабрлар атрофи обод этилди, ёввойи ўтлардан тозаланди, йўлаклар четидаги бордюрлар оқланиб, шох-шаба ва чиқиндилар олиб чиқиб кетилди.
Нега яқинларимиз дафн этилган қабристонлардан фақат диний байрамлар сабаблигина хабар оламиз? Улғайиб бораётган фарзандларимизга қандай ибрат бўлмоқдамиз ва шундай сабоқ бергач улардан келажакда нималарни кутишимиз мумкин?
Ўнлаб фаол ёшларимиз иштирокида ўтказилган ҳайрия тадбири нафақат ўсиб келаётган авлод балки ҳар биримиз учун ибратли бўлган одамийлик, инсонийлик намунаси бўлди. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан ёшларга, уларнинг таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор негизида азалий қадриятларимиз билан боғлиқ улкан маъно мужассамдир. Зеро, эртангги кунимизни, мамлакатимиз келажагини бугунги ёшларимизнинг қилаётган амалларида кўришимиз мумкин.