Chor. Okt 4th, 2023

Ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши турли кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш мақсадида иситиш жиҳозларининг созлигини бир қатор кўрикдан ўтказишни тақозо этади. Маълумки, табиий газ, кўмир, ўтин каби ёқилғи маҳсулотларининг ёниши натижасида инсон ҳаёти учун хавфли тутунлар ҳосил бўлади. Тутунларни олиб чиқиб кетадиган дудбуронларнинг созлигини текшириш ўзимиз ва яқинларимизни кўнгилсиз воқеалардан асраш имконини беради.

Дудбуронни текшириш қуйидагича амалга оширилади:

Дудбурон яроқлилигини ускунани ишга туширмасдан олдин ип, енгил қоғоз (салфетка) бўлагини ускуна ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади. Агар ҳаво оқими ичкарига ип ёки қоғозни тортса, дудбурон тортиши қониқарли ҳолатда бўлади. Аксинча бўлса, дудбурон тортиши қониқарсиз ҳисобланиб, ускунани ишга тушириш қатъиян тақиқланади ва дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш талаб этилади.

Агар ускуна ишга туширилган бўлса, гугурт алангасини ускунанинг ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади. Агар аланга ичкарига қараб тортилса, дудбурон тортиши қониқарли бўлади. Аксинча аланга ташқари томонга ҳаракат қилса, дудбуронда носозлик ёки ҳаво ўтказмайдиган қандайдир тўсиқ мавжуд. Бу ҳолатда дарҳол газ ускунасини жумракдан ўчириш ва 104 телефон рақами орқали боғланиб, мутахассис чақириш керак. Мутахассис томонидан носозлик бартараф этилиб, дудбурон тортиши қониқарли ҳолатга келтирилмасдан олдин газ ускунасини ишга тушириш қатъиян тақиқланади.

“Ҳудудгаз Фарғона” ГТФ,
Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси,
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Фарғона ҳудудий бошқармаси маъмуриятлари.