Yak. May 19th, 2024

Шаҳримизда қишки мавсумда аҳоли хонадонларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шаҳримизга кириб келадиган табиий газ босимини барча истеъмолчилар ўртасида баробар тақсимлаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги, коммунал идоралар, ички ишлар, мажбурий ижро бюроси ва маҳаллалар фаоллари иштирокида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Афсуски айрим фуқароларимиз амалдаги қонунчиликка, қўни-қўшничилик қоидаларига кўз юмиб, хонадонларига ноқонуний газ тортиш мосламаларини ўрнатмоқдалар. Ушбу ҳолатлар шаҳримизнинг барча маҳаллаларида мунтазам ўрта табиий газ босимини таъминлаш, коммунал муаммоларни бартараф этиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ вакиллари томонидан аниқланди.

Хусусан, табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида ўтказилган тадбирлар натижасида шаҳримизнинг 1-Давронбек маҳалласидаги Нафосат кўчаси, 25-Қипчоқариқ маҳалласидаги Нақшбандий кўчаси, 30-Садоқат маҳалласидаги Кўрпабоф кўчаларида яшовчи фуқаролар ноқонуний газ тортиш мосламаларидан фойдаланётгани аниқланди.

65-Сунбула маҳалласидаги Ҳабибий кўчасида эса ҳеч қандай ҳужжатларсиз газ тармоғига уланиб, ноқонуний газ тортиш мосламасидан фойдаланаётган новвойхона ҳам аниқланди. Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича маъмурий баённомалар тузилиб, жарималар белгиланди, хонадонлар газ тармоғидан узилди.

Шу билан бир қаторда шаҳримиз бозорларида ноқонуний газ тортиш мосламаларини сотиб, даромад орттираётган фуқароларни аниқлаш, мосламалар сотилишига чек қўйиш мақсадида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди. Қўқон савдо комплексида бозор маъмурияти билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида 100 дан ортиқ ноқонуний мосламалар савдосига чек қўйилди.

Қўшнингиз совуқ қотиб ўтирганда ноқонуний газ тортиш ускунасини улаб, табиий газдан фойдаланиш инсонийликка, миллий қадриятларимизга мос келмайди, албатта. Муқаддас динимизда ҳам умумий мулкдан фойдаланиш тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган бўлиб, ўзгалар мулкига кўз тикиш гуноҳ эканлиги белгиланган.
Азиз ҳамшаҳарлар, умумий мулкимиз ҳисобланган табиий газдан оқилона фойдаланинг, ноқонуний газ мосламаларидан фойдаланиб, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўйманг!