Жорий йилнинг 31 март куни Ижтимоий тармоқларда “Фарзандимнинг отаси 8 йилдан бери турли баҳоналар билан алиментни ўз вақтида тўламай келади” номли хабар тарқатилган эди.
(Мажбурий ижро бюросининг Фарғона вилоят бошқармаси катта инспектори Жамолиддин Одилов мазкур хабарга изоҳ берди.)
Хабарга кўра, Бувайда туманида яшовчи М.Хамдамова 2014 йилдаги суд қарори асосида ундирилиши белгиланган алимент пуллари қарздор И.Пўлатов томонидан тўлиқ берилмаётганлиги, 8 йилдан бери турли баҳоналар билан алиментни ўз вақтида тўламай келаётганлиги, шу сабабли Бюро органлари томонидан алимент суммасини тўлиқ ундирилишини сўраган.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 16.07.2014 йилдаги буйруғи билан қарздор И.Пулатовдан ундирувчи Хамдамова Муққаддас фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик жами даромадининг 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган ва 29.07.2014 йилда ижро иши қўзғатилган.
Ижро иши бўйича тегишли қарор асосида қарздор И.Пулатовнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари 30.09.2015 йилда чекланган.
Иш ҳужжатларига кўра, 31.03.2020 йил ҳолатига И.Пўлатовнинг алиментдан жорий йилнинг февраль-март ойлари учун 998 минг сўм қарздорлиги мавжуд бўлиб, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ундан М.Хамдамова фойдасига 1,0 млн. сўм алимент пули ундирилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда кўрсатилган қарздор И.Пўлатов алимент пулини 8 йилдан буён тўламасдан келаётганлиги ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмади.
01.04.2020 йил ҳолатига қарздор И.Пўлатов алиментдан қарздорлиги мавжуд эмас.