Фуқаро М.Хамдамованинг 17 декабрь куни “Фейсбук” ижтимоий тармоғида “Халқ назорати” саҳифасида Мажбурий ижро бюроси томонидан алимент пулини тўлиқ ундириб берилишини сўраб қилган мурожаати юзасидан.
Хабарда, фуқаро М.Хамдамова 2014 йилдаги суд қарори асосида ундирилиши белгиланган алимент пуллари қарздор И.Пўлатов томонидан тўлиқ берилмаётганлиги, шу сабабли Бюро органлари томонидан алимент суммасини тўлиқ ундирилишини сўраган.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 16.07.2014 йилдаги буйруғи билан қарздор И.Пулатовдан ундирувчи Хамдамова Муқаддас фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик жами даромадининг 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган ва 29.07.2014 йилда ижро иши қўзғатилган.
Ижро иши бўйича тегишли қарор асосида қарздор И.Пулатовнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари 30.09.2015 йилда чекланган.
Шунингдек, қарздор И.Пулатов ҳозирда Қўқон Педагогика институтида таҳсил олаётган бўлиб, 21.05.2019 йилда ўқиш жойига стипендиясидан алимент пулини ушлаш ҳақида талабнома юборилган ва 2019 йил сентябрь ойига қадар алимент пуллари тўлиқ ушланиб, ундирувчи М.Хамдамованинг яшаш манзилига юборилган.
01.09.2019 йилдан қарздор И.Пулатовнинг стипендияси институт томонидан муайян асосларга кўра тўхтатиб қўйилганлиги сабабли тўланмасдан қолган 3 ойлик алимент пули амалдаги ўртача ойлик иш ҳақи бўйича ҳисобланганида 01.12.2019 йилга қадар 1 млн. 308 минг сўмни ташкил қилган.
20.12.2019 йилда олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида қарздор И.Пулатовдан 1 млн. 308 минг сўм алимент пули тўлиқ ундирилган ва муаллифнинг мурожаати қаноатлантирилган.
Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси