3 декабрь Халқаро ногиронлар куни муносабати билан шаҳримиздаги барча имконияти чекланган фуқаролар ва болалар тарбиясига ихтисослаштирилган ўқув муассасалари тарбияланувчиларига алоҳида эътибор кўрсатилди.
Шодиёна тантаналар саройида ўтказилган тадбирда шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳам иштирок этиб, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қуватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан шаҳримизда ногиронларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда бўлаётган мисли кўрилмаган ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
Тадбирда бир қатор имконияти чекланган ҳамшаҳарларимизга ногиронлик аравачалари ва шаҳар ҳокимлигининг совғалари топширилди. Иштирокчилар учун бадиий дастур намойиш этилиб, куй-қўшиқлар янгради.
Хусусан, 9-мактаб-интернатда ташкил этилган тадбирда болажонларга совғалар ҳадя этилди. Интернатда Президентимиз томонидан олға сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган тўгаракларнинг кўргазмаси ўтказилди. Шахмат, рассомчилик, китобхонлик, компьютер технологиялари ва ҳунармандчилик йўналишлари намойиш этилди.
Бадиий дастур доирасида тарбияланувчилар эртаклардан турли саҳна кўринишлари намойиш этиб, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ва миллий рақслар ижро этдилар.
5-мактаб-интернат тарбияланувчилари учун Ипак йўли тантаналар саройида дастурхон ёзилиб, ўқув қуроллари, ўйинчоқлар ва бошқа эсдалик совғалари туҳфа этилди. Болажонлар учун бадиий дастур намойиш этилиб, турли интерактив ўйинлар ва викториналар ўтказилди.