Welcome to Қўқон шаҳар ҳокимлигининг расмий веб сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Қўқон шаҳар ҳокимлигининг расмий веб сайти
Sesh. Okt 15th, 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни хорижий мамлакатлар билан эришилган келишувлар ижроси, янги инвестициявий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Аввал Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳаларининг ижроси кўриб чиқилди. Жорий йил март ойида давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга расмий ташрифи жуда самарали бўлган, эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича апрель ойида “йўл харитаси” ишлаб чиқилганди.

Ундан кўплаб истиқболли лойиҳалар ўрин олган. 300 миллион доллар эвазига Самарқанд шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш, Навоий вилоятида 200 миллион долларлик шамол ва 150 миллион долларлик қуёш электр станциялари қуриш, 203 миллион доллар эвазига Сирдарё вилоятида целлюлоза, омухта ем ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи агросаноат кластери ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Мутасаддилар инвестиция ўзлаштирилиши бошланган лойиҳалар ижросининг бориши бўйича ҳисобот берди. Шунингдек, нефть-газ, кимё, энергетика, мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларнинг, қурилажак завод ва корхоналарнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятига эътибор қаратиб, уларни тез ва пухта амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар бўйича музокараларни якунлаб, қурилиш ишларини бошлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Маълумки, жорий йил охирида Президентимизнинг Японияга ташрифи режалаштирилган бўлиб, унга тайёргарлик доирасида Токио билан энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларига доир келишувларга эришилган.

Кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, япон технологиялари асосида электростанция қуриш, сув тозалаш ва сув таъминоти тизимини модернизация қилиш, шаҳар қатновига мўлжалланган электробуслар ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Ушбу олий даражадаги ташрифга тайёргарлик ҳамда Япония билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ҳолати бўйича маълумот берилди.

Йиғилишда жорий йил январь-сентябрь ойларида экспорт ва инвестиция прогноз кўрсаткичларининг ижроси ҳолати ҳамда йил якуни бўйича ушбу йўналишларда амалга оширилиши зарур бўлган чоралар ҳам кўриб чиқилди. Тўққиз ойликда экспорт ҳажми қарийб 10 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, режа ошиғи билан бажарилган. Экспорт номенклатураси 74 та янги турдаги маҳсулот, географияси 42 мамлакатга кенгайди. Ўсиш суръати асосан мева-сабзавотчилик, тўқимачилик, автомобилсозлик, энергетика тармоқлари ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, айрим ташкилот ва ҳудудларда режалаштирилган прогноз бажарилмагани кўрсатиб ўтилди. Йил якунига қадар бу борадаги қолоқликни бартараф этиш, барча тармоқлар ва ҳудудлар бўйича экспорт прогнозини бажариш юзасидан топшириқлар берди.

Йиғилишда Қўқон ва Марғилон шаҳарларини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳам муҳокама қилинди. Дастурга мувофиқ, Қўқон шаҳрида умумий қиймати 420 миллион долларлик 250 та, Марғилон шаҳрида 192 миллион долларлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Ажратилаётган инвестициялар ушбу шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш ва янги турар жойлар қуришга йўналтирилади.

Президентимиз мазкур уч йўналиш Қўқон ва Марғилонни ҳар томонлама янгилаш, одамлар ҳаёт сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тошкент шаҳрида ўтказилган Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлари кенгаши ва бизнес-форум якунларига ҳам эътибор қаратилди.

Аввал берилган топшириқлар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди ва келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Click to listen highlighted text!