Қўқон шаҳар Кенгашининг олтинчи чақириқ XIV сессиясида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари раҳбарлари, депутатлар, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, кун тартибидаги масалага алоқадор мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлари ижроси юзасидан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсатгичларига кўра Қўқон шаҳрини “ўрта” даражадан “яхши” даражага олиб чиқиш юзасидан сектор раҳбарларининг ахбороти тўғрисидаги масала қўйилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан 1-сектор раҳбари, Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмоновнинг ахбороти тингланди.
Маруфжон Усмонов ўз ахборотида 24-сентябрь куни Муҳтарам Президентимиз бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни бажариш ва ҳозирги пайтда “ўрта” даражада баҳоланган Қўқон шаҳрининг рейтингини йил охиригача “яхши” кўрсатгичга олиб чиқиш учун амалга оширилиши зарур бўлган ҳаракатлар режаси ҳақида маълумот берди.
Ушбу мақсадда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларнинг муаммоларини хал этиш ва “Темир дафтардан” чиқариш, камбағалликни тугатиш, нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат заҳирасини яратиш, аҳолини карантин талабларига тўлиқ риоя этишини, карантин шароитида яшаш ва ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини, солиқ тушумларини кўпайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Ушбу кўрсаткичга эришиш учун Қўқон шаҳридаги 15 та етакчи корхоналарда аниқланган бўш иш ўринларига ижтимоий муҳофазага мухтож ва пандемия даврида хориждан қайтиб келган 477 нафар фуқароларни ишга жойлаш, маҳаллаларда 404 нафар ёшларни ҳунармандчиликка ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, «Моно марказ» фаолиятини йўлга қўйиш эвазига 504 нафар ёшларни касб, ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий бюджет параметрларини орттириб бажариш эвазига келиб тушган маблағлар хисобидан 5942 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатиш мақсад қилинганини айтиб ўтди.
Иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш учун эндиликда ўтган йилги натижаларни хажм жихатидан ошириб бажариш эмас, балки аҳоли бошига тўғри келадиган сонлардан келиб чиқиб чоралар кўрилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Бунинг учун авваламбор ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, пандемия даврида фаолияти тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини қайтадан тиклашга кўмаклашиш ҳамда ҳуфиёна фаолият юритаётган тадбиркорларни қонуний фаолият юритишга ўтказиш, уларнинг муаммоларини кундалик равишда ечиб бориш учун «Тадбиркорлар» уйини ташкил этишни мақсад қилиб қўйганмиз.
Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, саноатни диверсификация қилиш эвазига импорт ҳажмини камайтиришни, тўғридан-тўғри инвестицияларни ҳажмини кенгайтириш, қурилиш, тикув ва тўқув текстиль, чарм пойафзал соҳасида кластерлар, кичик саноат зоналарини ташкил этиш йўли билан экспорт ҳажмини 130 фоизга кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз.
Хизмат кўрсатиш секторини ривожлантириш аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишда асосий манбаа бўлиши кутилмоқда. Ушбу мақсадда маиший хизмат кўрсатиш, туризм, транспорт хизмати кўрсатиш тармоқларини 150 фоизга оширишни чораларини кўрмоқдамиз”, деди шаҳар ҳокими.
Сессияда 2-сектор раҳбари, шаҳар прокурори Улуғбек Ҳамдамовнинг, 3-сектор раҳбари, шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи Фарход Хасановнинг, 4-сектор раҳбари, шаҳар ДСИ раҳбари Хурсан Баратовнинг кун тартибидаги масала юзасидан ахборотлари тингланди.
Сессияда шунингдек, янги ташкил этилган Қўқон касб ҳунар мактабининг фаолият бошлашига руҳсат бериш масаласи кўриб чиқилиб, касб мактабининг очилиши депутатлар томонидан маъқулланди.
Сессияда кўтарилган масалалар юзасидан 4-сайлов округидан сайланган депутат Авазхон Мазоитов ва 30-сайлов округидан сайланган Манзур Абдуллаевлар ўз таклифларини билдирдилар.
Шунингдек, сессияда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасилан тегишли қарорлар қабул қилинди.