Sun. Apr 28th, 2024

Қўқон шаҳридаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 200 кишига мўлжалланган янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳам иштирок этиб, юртимизда жисмоний тарбия  ва спортни оммалаштириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқсаёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб  қилишга қаратилаётган катта эътибор хусусида сўзлади.

“Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан соҳани ривожлантиришга  қаратилган кўплаб фармон, қарорлар қабул қилинган. Уларнинг ижроси натижасида, бугунги кунда, жойларда кўплаб замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Бугун Қўқон шаҳридаги 2-БЎСМда барпо этилган спорт залини таъмирлаш учун ҳам 3 миллиард 600 млн. сўм маблағ сарфланиб, спортчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилди”, – деди шаҳар ҳокими.

Маруфжон Усмонов капитал таъмирлаш ишларини сифатли қилиб бажарган “Техника таъмир жамланма” МЧЖ раҳбари Турсунали Ғафуровга чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, тўн кийдирди. Корхона ишчи-хизматчиларига эса эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг Маруфжон Усмонов Самарқанд шаҳрида ўтказилган Универсиада мусобақаларида бронза медалларига сазовор бўлган Қўқон давлат педагогика институти гандбол жамоаси қизларига ва уларнинг мураббийсига Фахрий ёрлиқ, медаллар ва рағбатлантирувчи совғалар топширди.

Шунингдек, шаҳар ҳокими Тожикистонда дзюдо бўйича ўтказилган халқаро турнирда 35 кг. вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Абдулазиз Шаробиддиновни ҳам ғалаба билан муборакбод этиб, эсдалик совғасини туҳфа этди.

Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари янги мажмуа билан танишдилар.

Маруфжон Усмонов мажмуани кўздан кечирар экан, бажарилган ишларнинг сифати, бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мажмуада шуғулланаётган ёшлар ва уларнинг мураббийлари билан суҳбатда бўлди.


Янги фойдаланишга топширилган 18х32 метр катталикдаги мажмуада ёшлар белбоғли кураш, дзюдо ва бадиий гимнастика билан шуғулланиш имконига эга бўлдилар. Ушбу мажмуанинг фойдаланишга топширилиши Муҳтарам Юртбошимизнинг 5 ташаббуслари доирасида ёшларни спортга кенг жалб қилишга қаратилган кенг кўламли ишларнинг амалдаги ифодаси бўлди.